Сайтка кириу

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилмоқда

Нукус шаҳрида тадбиркорлик субъектларига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Раиси ўринбосари, бошқарма ва бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси масъул ходими ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси давлатсолиқ органи ходимлари томонидан тадбир иштирокчиларига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунча берилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 21 бўлим 71 боб  480 та моддадан иборатдир.

Янги тартибдаги Солиқ кодексида солиқ турлари 13 тадан 9 тага қисқартирилди. Йиғилишда сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, солиқ солиш шартларини тенглаштириш мақсадида умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилган ҳолда бозорлар учун алоҳида солиқ режимини бекор қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни умумбелгиланган солиқларни ёки оборотдан солиқларни тўлашга ўтказиш ҳамда ушбу турдаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк ҳисоби бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилаб суғориш тизими жорий қилинган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар сақланиб қолинди.

Шунинг билан бирга  санъаткорлар даромадини декларация қилиш асосида амалга ошириш тартиби белгиланди.  Қўшимча қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди. Жумладан, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажарган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшимча қиймат солиғи бўйича келиб чиққан ортиқча суммани, яъни манфий қолдиқ суммасини тўлиғи билан қайтариш тартиби татбиқ этилмоқда.

Ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмаганлиги, ёки солиқ органлари томонидан асоссиз ундирилганлиги учун, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш тизими йўлга қўйилмоқда.Шунингдек, солиқ қарзини дебиторлардан ундириш тартиби бекор қилинмоқда.

-Бу семинарни ўтказишдан мақсад ўйлайманки, биз тадбиркорлар яратилган имтиёзлар ва қулайликларни тушунтириб бериш ҳисобланади. Шахсан ўзим тадбиркор сифатида ўзим учун жуда кўрлаб маълумотлар олдим. Жумладан солиқ тўлаш тартиблари, солиқ тўлаш муддатлари, ҳисоботларни қандай топшириш кераклиги ҳақида тушунчаларга эга бўлдим. Масалан биргина, қўшимча қиймат солиғини тўловчи корхоналар ортиқча тўланган қўшимча қиймат солиғини 2020 йил 1 июлдан бошлаб қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу ҳам биз тадбиркорлар учун жуда катта қулайликдир, -дейди тадбиркор Мақсет Юнусбеков.

Солиқ тўловчиларнинг, солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг жавобгарлиги, назорат қилиш тартиб-таомилини соддалаштириш ва солиқ текширувлари турларини 13 тадан 3 тагача камайтириш, солиқ текширувларини таҳлика-таҳлил дастури асосида камерал солиқ текшируви, сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити текширув турлари ўтказилиши белгиланди.

Кодексга мувофиқ, Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларни 42 та мезон асосида 3 сегментга, яъни, “виждонли”, “шубҳали” ва “мунтазам ҳуқуқбузарлар”га ажратган ҳолда улар билан алоҳида фаолият ташкил этиш йўлга қўйилади.

Виждонли категория, яъни яшил йўлакчадаги солиқ тўловчилар, уларнинг рўйхатда бўлган даври давомида ҳеч қандай текширув ўтказилмаслиги,

Шубҳали категория яъни, сариқ рангдаги йўлакчадаги солиқ тўловчилар камерал назорат тартибида назоратга олиниб, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинса бошқа текшириш амалга оширилмайди.

Қизил категория, яъни, мунтазам ҳуқуқбузувчилар эса аудит текшируви орқали жойида текшириш кўзда тутилган.

Семинарда иштирок этган 200 нафар тадбиркорлик субъектлари соҳа ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоблар олди.

Куннинг иккинчи ярмида соҳа ходимлари Чимбой тумани тадбиркорлари билан ҳам учрашиб, тадбиркорлар учун янги Солиқ кодексининг аҳамияти, унда белгиланган солиқ имтиёзлари, солиқ ставкалари, солиқ тўлаш муддатлари, ҳисоботларни топшириш, инсофли тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳеч қандай текширишларнинг амалга оширилмаслиги, айрим тадбиркорлик субъектларида текшириш турлари амалга оширилиши ҳамда жисмоний шахслар томонидан мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш тенг улушларда 15 апрель ва 15 октябрь саналари ушбу солиқларни тўлаш муддатлари эканлиги ҳақида ҳам батафсил тушунчалар берилди.

Жойларда янги таҳрирдаги Солиқ кодексини тарғиб қилишга бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати